Жамият низомлари: «ЎЗҚИШЛОҚЭЛЕКТРҚУРИЛИШ» АЖ “ИЖРОИЯ ОРГАНИ ТЎҒРИСИДА”ГИ НИЗОМИ

Распечатать

ТАСДИҚЛАНГАН

 «Ўзқишлоқэлектрқурилиш» АЖ акциядорларининг

15.06.2019 йилдаги умумий йиғилиши қарори.

 М.П.

 

 

 

 

 

 

«ЎЗҚИШЛОҚЭЛЕКТРҚУРИЛИШ» АЖ 

“ИЖРОИЯ ОРГАНИ ТЎҒРИСИДА”ГИ НИЗОМИ

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1. Мазкур Низом «Ўзқишлоқэлектрқурилиш» акциядорлик жамиятининг (матн бўйича «жамият») ижроия органи мақомини белгилайди ва унинг ишини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солади.

2. Жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилиш яккабошчилик асосидаги ижроия органи – Бош директор томонидан амалга оширилади, унинг ваколатлари жамият устави ва мазкур Низом билан белгиланади.

3. Акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига кўра жамият ижроия органининг ваколатлари шартнома бўйича тижорат ташкилотига (ишончли бошқарувчига) берилиши мумкин. Тузиладиган шартноманинг шартлари, агар жамият уставида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамият кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.

4. Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг хуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонунчилигига, жамият устави, Ўзбекистон Республикаси корпоратив бошқарув Кодекси талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган. 

 

БОШ ДИРЕКТОРНИ САЙЛАШ (ТАЙИНЛАШ) ВА ВАКОЛАТИНИ 

ТУГАТИШ ТАРТИБИ 

 

5. Жамият Бош директори акциядорлар умумий йиғилиши қарорига асосан бир йил муддатга сайланади (тайинланади).

6. Жамият уставига мувофиқ жамият Бош директорини сайлаш (тайинлаш) тўғрисидаги акциядорлар умумий йиғилиши ёки кузатув кенгашининг қарори, одатда, хорижий менежерлар ҳам иштирок этиши мумкин бўлган танлов асосида қабул қилинади.

7. Бош директор лавозимига номзод шахс у жиноий жавобгарликка тортилганлиги тўғрисидаги маълумотлар хақида Жамиятни хабардор қилиши лозим. 

8. Бош директор лавозимига номзод ўзининг номзоди кўриб чиқилаётганда акциядорлар умумий йиғилишида ёки кузатув кенгаши мажлисида қатнашиши мумкин.

9. Жамият кузатув кенгаши раиси ёки кузатув кенгаши ваколат берган шахс томонидан Бош директор билан меҳнат шартномаси имзолайди. 

10. Шартнома бир йил муддатга тузилади ва унинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки бекор қилиш мумкинлиги тўғрисида ҳар йили қарор қабул қилинади. 

11. Жамият Бош директори билан тузиладиган меҳнат шартномасида унинг Жамият фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича мажбуриятлари ҳамда Жамиятнинг йиллик бизнес-режасини бажариш қандай бораётганлиги юзасидан акциядорларнинг умумий йиғилиши ва Жамият кузатув кенгаши олдида берадиган ҳисоботининг даврийлиги назарда тутилиши керак. 

12. Жамият Бош директорига ҳақ тўлаш шартлари Жамият фаолиятининг самарадорлигига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлади ва шартномада белгиланган бўлиши керак.  

13. Жамият Бош директори вазифасини бошқа ташкилотларнинг бошқарув органларидаги лавозим билан биргаликда эгаллаб туришга фақат жамият кузатув кенгашининг розилиги билан йўл қўйилади.

14. Акциядорларнинг умумий йиғилиши ёки кузатув кенгаши (агар жамият уставига мувофиқ унга шундай ваколат берилган бўлса) Бош директор билан тузилган шартномани у шартнома шартларини бузган тақдирда тугатишга (бекор қилишга) ҳақли.

15. Акциядорлар умумий йиғилиши ёки кузатув кенгаши жамият Бош директори билан тузилган шартномани, агар у жамият уставини қўпол тарзда бузса ёки унинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли жамиятга зарар етказилган бўлса, муддатидан илгари тугатиш (бекор қилиш) ҳуқуқига эга. 

16. Бош директор билан тузилган шартномани тугатиш (бекор қилиш), шу жумладан муддатидан илгари тугатиш (бекор қилиш) тўғрисидаги қарор йиғилишда иштирок этаётган акциядорларнинг оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

17. Бош директор билан тузилган шартномани муддатидан илгари тугатиш (бекор қилиш) тўғрисидаги қарор мажлисда иштирок этаётган кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. 

18. Акциядорларнинг умумий йиғилиши ёки жамият кузатув кенгаши томонидан жамият ижроия органининг, ишончли бошқарувчининг ваколатларини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, жамият ижроия органининг ваколатларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги масала ўша йиғилишнинг ўзида ҳал этилиши ёхуд жамият ижроия органининг раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи шахсни тайинлаган ҳолда акциядорларнинг яқин орадаги умумий йиғилишида кўриб чиқиш учун қолдирилиши мумкин. 

 

ЖАМИЯТ ИЖРОИЯ ОРГАНИНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ 

(ҲУҚУҚЛАРИ) ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

 

19. Жамият Бош директорининг ваколатларига Жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилишга доир барча масалалар киради, акциядорлар умумий йиғилишининг ёки Жамият кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилган масалалар бундан мустасно.

20. Жамият Бош директорининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун хужжатларида, Жамият уставида, мазкур низомда ҳамда у билан тузиладиган шартномада белгиланади.

21. Жамият Бош директори акциядорлар умумий йиғилишининг ва Жамият кузатув кенгашининг қарорлари бажарилишини ташкил этади.

22. Жамият Бош директори акциядорлар, Кузатув кенгаши ва назорат органи аъзолари ўртасида ўзаро ишонч, ҳурмат, ҳисобдорлик ва назорат тамойиллари асосидаги ҳамкорликни таъминлайди.

23. Жамият Бош директори акциядорларнинг умумий йиғилиши, Кузатув кенгаши, устав ва ривожлантириш стратегияси томонидан қўйилган вазифаларнинг сўзсиз бажарилиши учун ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этиш бўйича мустақил равишда қарорлар қабул қилади.

24. Жамият Бош директори барча акциядорларга, уларнинг улуши, даромад даражаси, жинси, ирқи, дини, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар бир хил муносабатни таъминлайди.

25. Жамият Бош директори ваколатлари (ҳуқуқлари) ва мажбуриятларига қўйидагилар киради:

- Жамиятнинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш, акциядорларнинг умумий йиғилиши ва кузатув кенгаши ваколатларига киритилган масалалар бундан мустасно;

- Жамият номидан ишончномасиз иш юритиш, давлат муассасалари, мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхоналар ва ташкилотларда Жамият манфаатларини ифодалаш;

- битимлар тузиш, Жамият мижозлари ва бошқа корхона ҳамда ташкилотлар билан тузиладиган шартномаларни (контрактлар) имзолаш;

- Жамият номидан ҳужжатларни имзолаш;

- ходимларни ишга қабул қилиш, улар билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш, уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш, ходимлар томонидан меҳнат ва ижро интизомини сақлаб туришини таъминлаш;

- Жамиятнинг филиали ёки ваколатхонаси, шўъба ва тобе корхоналарининг раҳбарини тайинлаш ва ишдан бўшатиш; 

- Жамият ходимларининг штат жадвалларини тасдиқлаш ва аниқлаш;

- Ўзбекистон Республикасининг меҳнат қонунчилигига ва норматив ҳужжатларига мувофиқ, Жамият ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш (мукофотларнинг барча турлари, устама, қўшимча ва бошқлар) миқдорини ўрнатиш;

- Жамият шўъба ва тобе корхоналар учун мажбурий бўлган қарор, буйруқ ва фармойишлар чиқариш;

- Жамиятнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомлар, ходимларнинг лавозим йўриқномаларини тасдиқлаш;

Жамиятнинг ички норматив ҳужжатларини тасдиқлаш, акциядорларнинг умумий йиғилиши ва кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган ички норматив ҳужжатлар бундан мустасно;

- Жамият номидан ишончномаларни бериш; 

- Жамиятнинг барча ходимлари бажариши мажбурий бўлган фармойиш ва буйруқлар чиқариш ҳамда кўрсатмалар бериш;

- Жамият кузатув кенгашининг розилигига кўра унинг ишида маслаҳат овози билан иштирок этиш; 

- банкларда ҳисоб рақамлар (миллий ва хорижий валюта ҳисоб рақамлар) очиш; 

- Жамиятнинг банк ва бошқа молия хужжатларида биринчи имзо ваколатига эга бўлиш;

- давлат статистика ҳисоботи ва бухгалтерия ҳисоботини тегишли органларга тўлиқ ва ўз вақтида тақдим этилишини таъминлаш; 

- Жамият ходимларининг ижтимоий кафолатларига риоя қилинишини ва уларнинг меҳнатини муҳофаза қилишни таъминлаш;

- Жамият ходимларининг малакасини ўқув курслари, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш орқали ошириб бориш; 

- акциядорларнинг умумий йиғилиши ва кузатув кенгашининг ваколатига кирувчи ишларнинг аҳволи тўғрисидаги маърузаларни белгиланган муддатларда тақдим этиш;

- ўз ваколатлари доирасида Жамиятнинг мол–мулки ва пул маблағларини тассаруф этиш;

- Жамият бизнес хатарлари, ижроия органи аъзоларининг жавобгарлигини суғурталаш;

- Жамият ривожлантириш дастурлари ва бизнес-режаларини ишлаб чиқиш, уларни бажарилишини назорат қилиш;

- Жамиятнинг ваколатли бошқарув органи томонидан тасдиқланган бизнес-режада кўрсатилган миқдорларда фойда олишни таъминлаш;

- қонунчиликка мувофиқ Жамиятда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботининг ташкил этилиши ва ишончлилигини ҳамда акциядорларга, кредиторларга ва бошқа олувчиларга юбориладиган Жамият фаолияти тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилишини таъминлаш;

- йиллик бизнес-режа кўрсаткичларининг бажарилиши бўйича кузатув кенгашига ҳар чоракда ҳисобот бериш;

- Жамиятнинг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни Жамиятнинг кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси ва Жамият аудитори талабига кўра тақдим этиш;

- Жамиятни малакали кадрлар билан таъминлаш, Жамият ходимларининг билими, малакаси, тажрибаси ва қобилиятларидан энг яхши фойдаланиш чораларини кўриш; 

- меҳнат интизомини қўллаб-қувватлаш;

- жамоавий музокараларда иштирок этиш, жамоа шартномаси ва битимини тузишда иш берувчи сифатида нутқ сўзлаш, жамоа шартномаси бўйича мажбуриятларни бажариш;

- ўз ваколатлари доирасида мол-мулкни олиш ёки уни бошқа шахсга бериш ёхуд мол-мулкни бошқа шахсга бериш эҳтимоли билан боғлиқ битим (шу жумладан қарз, кредит, гаров, кафиллик) ёки ўзаро боғланган бир нечта битимлар тузиш, агарда мазкур битим баланс қиймати ёки олиш қиймати битим тузиш тўғрисида қарор қабул қилинаётган санада жамият соф активлари миқдорининг ўн беш фоизигачасини ташкил этса;

  - Жамиятнинг тижорат сирини ташкил этувчи ахборотларни сақлаш, агарда бундай маълумотларни учинчи шахсларга бериш ваколат доирасига кирмаса. Жамиятнинг тижорат сирини ташкил этувчи маълумотлар рўйхати Жамият Бош директори томонидан белгиланади;

- хизмат ёки тижорат сирини ташкил этувчи ахборотнинг Жамият ходимлари томонидан сақланишини таъминлаш;

- дивидендлар ҳисобланиши ва тўланиши, акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш, амалдаги қонунчиликда кўзда тутилган маълумотларни олиш бўйича акциядорларнинг барча ҳуқуқларига риоя қилиш; 

- Жамият кузатув кенгашини Жамият билан битим тузишда унинг аффилланганлиги мавжуд бўлганда хабар қилиш;

- ўз ваколатлари доирасида Жамиятнинг самарали ва барқарор ишлашини таъминлаш;

- Жамият таркибий бўлинмаларининг ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлаш;

- Жамиятнинг шартнома мажбуриятларини бажарилишини таъминлаш;  

- Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик талабларига, Жамият устави ва бошқа ички ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;  

- Жамият ижроия органи Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатлари, Жамият устави ва Жамиятнинг ички меъёрий хужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар (хуқуқлар) ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

26. Жамият мансабдор шахслари томонидан ўз вазифаларини профессионал асосда амалга ошириш, қонун ҳужжатлари, Жамият устави ва бошқарув органи қарорларидан келиб чиқувчи барча мажбуриятларни виждонан ва оқилона бажариши тўғрисидаги талабларни жорий этади. 

27. Жамият таркибига кирувчи корхоналарнинг бошқарув органлари йиғилишларида ўз вакилларининг Жамият номидан овоз бериш тартибини белгилайди.  

ЖАМИЯТ БОШ ДИРЕКТОРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ

 

28. Жамият Бош директори ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва ўз мажбуриятларини бажаришда Жамиятнинг манфаатларини кўзлаб иш тутиши ҳамда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши лозим.

29. Жамият Бош директори ўзининг иш фаолияти давомида Жамият фаолиятига ўхшаш хизматлар ва маҳсулотларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарни ташкил этиш ва таъсис этишда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас. Жамият Бош директори лавозимга тайинланиш вақтида Жамият фаолиятига ўхшаш корхоналардаги ўзларининг иштирокини тўхтатиши ва бу ҳақда кузатув кенгашини хабардор қилиши шарт. 

30. Жамият Бош директори ўз вазифасини бажармаганлиги ёки зарур даражада бажармаганлиги натижасида Жамиятга етказилган зарар учун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ва Жамият уставига мувофиқ етказилган зарарни қоплаш бўйича тўлиқ ҳажмда Жамият олдида жавобгардир.  

31. Жамият ёки у жойлаштирган акцияларнинг ҳаммаси бўлиб камида бир фоизига эгалик қилувчи акциядор (акциядорлар) Жамиятга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъво билан жамият Бош директори устидан судга мурожаат қилишга ҳақли.